Ёшлар медиа марказида IT ва дастурлаш ва медиа соҳасида машғулотлар йўлга қўйилган: имконияти чекланган ёшлар бепул ўқитилади

 doc xls

Ўтган йил март ойида Самарқанд шаҳридаги Ёшлар маркази биносида “Ёшлар медиа маркази” фаолияти йўлга қўйилган эди.

Дастлаб марказга 30 га яқин ҳаваскор йигит-қизлар публицистика, монтажёр ва операторлик сирларини ўрганиш учун жалб этилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 50 нафардан ошган. Марказда медиа соҳасига қизиқувчи ёшлар бепул ўқитилмоқда.

Бу ҳақда ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган пресс-турда батафсил маълумот берилди.

- Ушбу марказ ўтган йил Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида фаолият бошлади, - дейди “Ёшлар медиа маркази” директори Бўронжон Пўлатов. – Ёшларнинг медиа саводхонлигини ошириш мақсадида “Миллий тв, “Менинг юртим” ва “Самарқанд” телеканаллари журналист ва операторлари билан ҳамкорлик йўлга қўйдик. Ҳозирда улар ёшларга медиа соҳасида амалий машғулотлар ўтмоқда. Эътиборлиси, телеканалларда “Ёшлар вақти” кўрсатуви ташкил этилган бўлиб, тингловчилар томонидан тайёрланган кўрсатувлар бериб борилмоқда.

Бундан ташқари, жорий йил январь ойида Ёшлар маркази биносида робототехника ва IT тўгараги ҳам фаолият бошлади.

- Тўгаракни ташкил қилишдан асосий мақсад ёшларга IT технологиялари ва замонавий дастурлардан фойдаланишни ўргатиш, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Х.Тўхтаев. - Аҳамиятлиси, тўгаракка "Ёшлар дафтари" ва "Темир дафтар"да рўйхатда турувчи ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган ёшлар бепул ўқитилмоқда. Ўқиш муддати 3 ойдан 6 ойгача. Курсни муваффақиятли тугатган ёшларга сертификат берилади. Ўқитишга малакали мутахассислар жалб этилган.

Шунингдек, тўгаракда кўнгилли ёшларнинг ҳам тўлов асосида таҳсил олиши учун имконият яратилган.

(66) 235-24-60

Dush-Jum : 9.00 - 18.00
Tushlik : 13.00 - 14.00

center@samarkand.uz

Tez fursatda javob beramiz

Samarqand shahri

140157, Ko‘ksaroy maydoni, 1-uy.